АҚШда ресторанга кирган мижоз барча ходимларга 200 доллардан пул ташлаб кетди

АҚШнинг Огайо штати Толедо шаҳрида мижозлардан бири ресторанда кечки овқатдан сўнг муассасадаги ходимларга жами 5600 доллар пул қолдириб кетди. Бу ҳақда 20 декабрь, якшанба куни «CNN» телеканали маълум қилди.

Фото: «Edibe Columbus»/ Иллюстратив

Хабарга кўра, «Souk Mediterranean Kitchen» ресторанининг 28 нафар ходимига 200 доллардан пул бўлиб берилган. Таъкидланишича, коронавирус пандемияси туфайли баъзи ходимлар Рождество учун арча безатишга ёки оила аъзоларига совға сотиб олиш имкониятига эга эмас эди.

«Молиявий жиҳатдан пандемия бизнинг ресторанимизга катта таъсир кўрсатди, аммо биз омон қолиш учун жуда кўп ишладик. Кейин бир жаноб тўсатдан келиб, бизнинг барча ходимларимизга 5600 доллар пул бериб кетди», — дейди ресторан бош ошпази Мусса Саллуҳ.

Фото: «soukkitchenbar»

Саллуҳ, шунингдек, муассаса мижозларидан бири қилган бундай хайрия келажакда ҳаммаси яхши бўлишини эслатиб туришини таъкидлаган.

Аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Огайо штати Кливленд шаҳрида ҳам кузатилган эди. Ресторанга ташриф буюрганлардан бири пандемия сабабли муассасанинг мажбурий ёпилишидан хабар топган ва етти долларлик пивога буюртма бериб, эвазига 3000 доллар пул қолдириб кетган.

Янгиликлар