Ўзбекистонда пенсия миқдорининг икки баравар оширилиши тўғрисидаги хабарларга ойдинлик киритилди

Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси 21 декабрь куни пенсия миқдорининг икки баравар оширилиши тўғрисидаги хабарларга ойдинлик киритди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар ёлғон ва пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш Президент фармони билан амалга оширилади.

«Ижтимоий тармоқларда пенсия миқдорининг икки барабар оширилиши ҳақида хабар тарқалди. Бу – ёлғон! Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилингандан сўнг амалга оширилади ва бу ҳақда жамғарманинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу каби сохта хабарларга ишонмасликни, расмий манбаларга таяниб маълумот олишни сўрайди ва аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжудлигини эслатади», дейилади жамғарма хабарида.

Аввалроқ Ўзбекистонда январь—cентябрь ойларида 239,2 минг нафар фуқарога пенсия ва нафақалар тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда пенсия тайинлашда талаб қилинадиган ҳужжатлар қисқартирилгани хабар қилинган.

Янгиликлар