Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Германия ва Aвстрия туристик компаниялари билан видеоконференция ўтказди
Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Германия ва Aвстрия туристик компаниялари билан видеоконференция ўтказди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, видеоконференция 20 август куни Германия ва Aвстрия туристик компанияларининг 90 дан ортиқ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган. Тадбир туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи европалик сайёҳлар оқимини қайта йўлга қўйиш ва уларнинг сонини кўпайтириш ҳамда туризм соҳасини тиклашга доир тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган.
Видеоконференцияда Германия, Aвстрия ва Швейцариянинг «RTL» телекомпанияси, «RTL», «Die Welt», «Frankfurter Allgemeine Zeitung», «Frankfurter Neue Presse», «Berliner Morgenpost» газеталари, «Focus», «time4you» журналлари вакиллари иштирок этган.
Хорижий ҳамкорлар ва ОAВ вакилларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, қадимий шаҳарлари, маданий ва тарихий объектлари, дам олиш масканлари, гастрономияси, ҳунармандчилиги ҳақида маълумот берилган. Сайёҳларнинг мамлакатда бўлиши учун яратилган қулайлик ва шароитлар тушунтирилган.
Қайд этилишича, учрашув қатнашчилари Ўзбекистонда коронавируснинг зарарли таъсирини камайтириш мақсадида туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш йўлида кредит ва солиқ таътиллари, субсидиялар ва грантлар тақдим этиш каби чора-тадбирларга ҳамда чет эллик сайёҳларни санитария-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш масалаларига қизиқиш билдирган. Хусусан, тадбир иштирокчиларига сайёҳларнинг хавфсизлиги учун халқаро талабларга жавоб берувчи «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган») санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг янги тизими асосида Ўзбекистонда халқаро туризмни қайта тиклаш режаси тақдим этилган.
Мулоқот доирасида сайёҳлик компаниялари ўртасида алоҳида ялпи сессия ташкил этилган. Унда томонлар ҳамкорликни ривожлантиришни, сайёҳлар алмашинувини тиклашни ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишган.
Аввалроқ «Mystery box» компанияси асосчиси 8К форматида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисида видеоролик суратга олгани ҳақида хабар берилган эди.