Тошкент вилоятидаги эҳтиёжманд оилаларга уй-жой учун 100 млрд сўм субсидия ажратилади

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш зарурлигини таъкидлаб, таъмирлаш ишлари ўқув йили бошланишидан ўтиб кетмаслиги ҳақида мутасаддиларни қаттиқ огоҳлантирди.

Нурафшон шаҳрида ўтказилган йиғилишда Олмалиқ шаҳридаги 80-сон махсус мактаб ва Ангрен шаҳридаги 73-сон мактаб-интернатни келгуси йилда таъмирлаш вазифаси қўйилган. Шунингдек, хорижий экспертни жалб қилиб, 15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети фаолиятини кейинги ўқув йилида йўлга қўйиш топширилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига йил якунига қадар 500 нафар оғир беморларни республика марказларида соғломлаштириш чораларини кўриш топширилган. Вилоят марказида барча тиббий хизматларни кўрсатадиган ягона марказ йўқлиги қайд этилиб, мутасаддиларга хорижий лойиҳачиларни жалб қилиб, келгуси йилдан Нурафшон кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилган.

Бундан ташқари, вилоятда уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Бир кишига уй-жой билан таъминлаш даражаси республика даражасидан пастлигича қолаётгани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга:

  • келгуси йилга эҳтиёжманд аҳоли уй-жой ипотекаси учун 100 миллиард сўм субсидия ажратиш;
  • Зангиота туманида «Янги Ўзбекистон» массивини қуриш бўйича таклиф киритиш;
  • Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида 19 та авария ҳолатидаги кўп қаватли уйларда яшовчиларни замонавий уй-жой билан таъминлаш чорасини кўришни топширилган.

Президент вилоятдаги ҳар бир фуқарога бир марта янги қурилган хонадонни имтиёзли ипотекага олиш имкониятини бериш кераклигини таъкидлаган. Шу муносабат билан келгуси йилдан «Менинг биринчи уйим» янги ипотека дастурини Тошкент вилоятидан бошлаш таклиф қилинган.

Янгиликлар