Жомбойда «темир дафтар»даги оилалар учун 227 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захира қилинди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги 14 сессиясида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, сессияда секторлар фаолияти, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ҳудуддаги аҳоли кайфияти, 2020 йилнинг 9 ойи давомида туман ҳудудида содир этилган жиноятлар статистикасига оид масалалар ҳам муҳокама этилган. Сессияда бу борада амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, бажариладиган вазифалар юзасидан туман ҳокими Қаюм Собировнинг ахбороти эшитилган.

Фото: Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, туманда 2020 йил ноябрь — 2021 йил апрель ойлари учун озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Бунда мол, қўй ва парранда гўшти эҳтиёжи тўлиғича маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қопланади. Таъкидланишича, туманда 106,3 минг йирик, 138,8 минг майда шохли моллар, шунингдек, 2,5 миллиондан ортиқ парранда парваришланаётгани инобатга олинса, имкониятлар етарли. Бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси учун эса маҳаллий бюджет, банк кредити ресурслари ва тадбиркорлар маблағлари жалб этилади.

Фото: Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмидан ‘Саховат ва кўмак’ жамғармасига 700 миллион сўм ўтказилганди. Ушбу маблағ ҳисобидан 1398 та ‘темир дафтар’га кирган оилаларга 50 килограмдан картошка, 40 килограмдан пиёз, 50 килограмдан сабзи, 22 килограмдан гуруч маҳсулотлари ажратилиши режалаштириляпти. Бунинг учун жами 227 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захира қилинди. Нархлар барқарорлиги борасида Журият ва Жомбой деҳқон бозорларида қатъий назорат ўрнатилиши таъминланади. Шунингдек, маҳаллаларда арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркаси ташкил этилади», — деди Собиров.

Aввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.

Шунингдек, Бухорода 2020/2021 йилги қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум бўлган.

Янгиликлар