Ўзбекистонда давлат харидларида ижрочиларнинг яқин қариндошлари иштирок этиши тақиқлаб қўйилади
Ўзбекистонда давлат харидларида ижрочиларнинг яқин қариндошлари иштирок этиши тақиқлаб қўйилади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, давлат харидлари жараёнида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чекловлар, яъни иштирокчиларнинг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган тақдирда иштирокчининг давлат харидларида иштирок этишига йўл қўйилмаслиги акс эттирилган. Давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талабларнинг киритилишига тақиқ қўйилган.
Шунингдек, лойиҳада коррупцион омиллар, ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида «бенефициар», «давлат харидларининг ижрочиси», «дастлабки малака танлови», «захира ғолиби», «ихтисослашган ташкилот», «манфаатлар тўқнашуви», «харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси» каби тушунчаларга таърифлар берилди ва мазмунан кенгайтирилди.
Бундан ташқари, харидларда савдо ғолибларини танлаш ва қарорларни қабул қилиш мезонларини ҳамда иштирок этиш шартларини белгилаш шартлари олдиндан очиқ эълон қилиниши кўрсатиб ўтилган.
Давлат харидлари доирасида тузилган барча шартномалар тўғрисида маълумотларни жамлаш ягона реестр орқали амалга оширилиши ҳақидаги тартиб ҳам белгиланмоқда. Тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот давлат харидларининг электрон тизимида жойлаштирилмаган бўлса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани маълум бўлгани ҳақида хабар берилган.