Хўжаободда 15 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога уй-жой берилди (фото)
Андижон вилояти Хўжаобод туманида 15 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро уй-жой билан таъминланди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Хўжаобод туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 15 нафарига туман ҳокимлиги томонидан ҳомийлик асосида қурилган уй-жойларни топшириш маросими ўтказилди. Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирок этди. Тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклади ҳамда уй-жойларнинг калитлари, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар ва совғаларни топширди.
Шунингдек, маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, Хўжаобод тумани ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Булунғурда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 10 та бепул уй ва 100 та иссиқхона қуриб берилиши ҳақида хабар берилган эди.
Ундан ташқари, наманганлик фуқаронинг 2 сотихли ерига иссиқхона қуриб берилган. Шунингдек, Ургутда 100 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этилган эди.