Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарларида коронавирус аниқланди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ва унинг ўринбосарлари Азизбек Икромов ҳамда Ботир Парпиевда коронавирус инфекция аниқланди. Бу ҳақда «Tez News»нинг ҳукуматдаги манбалари хабар берди.
Ушбу маълумотни вазирлик матбуот хизмати «Tez News»га тасдиқлади, ҳозирда раҳбарлар стационар даволанишга ётқизилгани, тегишли муолажаларни олаётгани, аҳволи яхшилигини маълум қилган.
«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари — Гулнора Маъруфова ҳам сал олдинроқ коронавирусга чалиниб, даволаниб, ҳозир ишга чиқиб кетдилар», — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати «Tez News» мухбири билан суҳбатда.
Маълумот учун, соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирус юқтириб олгани, сўнг даволаниб ишга чиққани ҳақида маълум қилинганди.
Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Aлламжонов, Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоиров ва хонанда Каниза коронавирусдан соғайганлиги ҳақида хабар берилганди.