Когон халқ қабулхонасига келиб тушган 290 та мурожаатномадан 163 таси ҳал қилинди
Бухоро вилояти Когон халқ қабулхонасига келиб тушган 290 та мурожаатномадан 163 таси ҳал қилинди, 63 таси эса кўриб чиқилиш жараёнида. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Когон халқ қабулхонасига 300 та муаммо юзасидан 290 та мурожаат келиб тушган. 163 таси ҳал қилинган.
Масалан, Когон тумани Қасри Орифон қишлоғида истиқомат қилувчи Райҳон Йўлдошеванинг 2020 йил 26 августдаги аҳоли ночор қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорга мувофиқ, бир нафар фарзанди учун 500 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган. Ночор оила сифатида «темир дафтар»га киритилган бу оилада вояга етмаган яна икки нафар бола бор. Шу сабабдан аёл туман халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Қарор талабига мувофиқ, шу куннинг ўзида Райҳон Йўлдошеванинг қолган икки боласи учун бир миллион сўм миқдорида ёрдам пули ажратилган.
«Райҳон Йўлдошеванинг мурожаатини ўрганиб чиқдик. Чиндан ҳам бу оилада 12, 10 ва 8 яшар бола вояга етаётгани, уларнинг фақат бир нафарига моддий ёрдам берилгани аниқланди. Мурожаатчи ҳақ бўлиб чиқди», дейди қабулхона мудири Саид Мирзаев.
Шунингдек, «Ўба-Чўли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қаршиликлар қишлоғи 7-уйда яшовчи Хушвақт Шодмоновани безовта қилиб келаётган икки муаммо шу жойнинг ўзида ҳал этилган. У жамоатчилик ишига жалб этилди. Ишли бўлди. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ж. Каримов томонидан унга 1 қоп ун ҳам етказиб берилган.
Ундан ташқари, Когон тумани Демилиён қишлоғида яшовчи Малика Аминова Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, ўзи яшайдиган ҳудуднинг ички йўлларини асфальтлаштириб беришни сўраган. Унинг мурожаати 1-сектор раҳбарияти томонидан назоратга олинган.«Ички йўлларни жорий таъмирлаш» манзилли дастурига киритилиб, салкам бир километрлик йўл асфальтлаштириб берилган.
Аввалроқ Ғиждувон тумани ҳокими ўтказган қабулда 20 та мурожаат ҳал этилгани, Ўзбекистон туманида «темир дафтар» киритилган оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан ёрдам пули берилгани хабар қилинганди.