Ўзбекистон туманида «темир дафтар» киритилган оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан ёрдам пули берилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида Шавкат Мирзиёевнинг 26 августдаги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида «темир дафтар» киритилган оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан бир марталик ёрдам пуллари берилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Ўзбекистон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, моддий ёрдам пуллари тумандаги барча ҳудудларда сектор раҳбарлари бошчилигида, уларга ҳамроҳлик қилаётган туман кенгаши депутатлари, тумандаги халқ қабулхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари иштирокида топширилмоқда.

Фото: Ўзбекистон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хусусан, 1-сектор раҳбари, туман ҳокими Қаҳрамон Жўраев бошчилигида ҳудуддан сайланган халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари иштирокида сектор ҳудудидаги «Қўрғонча», «Нурсух», «Зиё Нурсух» ва «Катта Тагоб» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги истиқомат қилувчи «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болалари учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди.

Фото: Ўзбекистон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, 3-секторга қарашли Aбдураҳмон Жомий номли, «Давлатботир», «Даштчўлпон», «Деҳқонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида моддий ёрдам пуллари топширилди.

Маълум қилинишича, 4-сектор ҳудудидаги «Бозор Яйпан» ва «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам моддий ёрдам пулларини ўз эгаларига топшириш жараёнида маҳалла фуқаролар йиғини, туман кенгаши депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

Фото: Ўзбекистон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Президент қарори ижросини таъминлаш юзасидан туманнинг қолган секторларида ҳам ишлар давом эттирилмоқда.

Aввалроқ Марғилондаги 22 та маҳаллада 16 ёшга тўлмаган болалар учун бир марталик ёрдам пуллари тарқатилгани ҳақида хабар қилинганди.