Марғилондаги 22 та маҳаллада 16 ёшга тўлмаган болалар учун бир марталик ёрдам пуллари тарқатилди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 15 сентябрь, сешанба куни 22 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 16 ёшга тўлмаган болаларга бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди. Бу ҳақда Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Президентнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Марғилон шаҳридадаги 3375 та оилада истиқомат қилувчи 6372 та 16 ёшгача бўлган болага бир марталик маблағлар етказиб берилиши кўзда тутилган.
Хусусан, 15 сентябрь куни шаҳардаги «Бахрин», «Ватан», «Узунҳовуз», «Байналминал», «Милтиқсоз» сингари секторлар кесимидаги 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кам таъминланган оила фарзандларига пул маблағлари тарқатилган.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ аҳолининг қуйидаги қатламлари:
- моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
- ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга бир марталик 500 минг сўмдан бўлган моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда сентябрда аҳолининг қайси қатламларига бир марталик моддий ёрдам пули тўланиши маълум қилинганди.