Самарқандда 8 ой давомида 254 нафар аёлнинг зўравонликка учрагани маълум бўлди

Самарқанд вилоятида 2020 йилнинг 8 ойи давомида 254 та ҳолатда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу тазйиқ ва зўравонлик 225 та ҳолатда оилада содир этилганлиги, ҳолатларининг аксариятига олдиндан мавжуд бўлган ўзаро оилавий низолар, фойдали меҳнат билан шуғулланмаслик, шаръий никоҳсиз яшаш, спиртли ичимликка ружу қўйиш ва бошқа салбий ҳолатлар сабаб бўлган.

Таъкидланишича, келгусида вилоят ҳудудида яшовчи хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ва нисбатан содир этилаётган тазйиқ ва зўравонликнинг, шаръий никоҳ ва эрта турмушларнинг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 20 сентябр кунидан 20 октябр кунига қадар вилоят миқёсида «Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги» махсус профилактик тадбирлари ўтказилиши белгиланган.

Ойлик давомида жиноят содир этиш ва жиноят қурбони бўлиш эҳтимоли юқори бўлган, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг рўйхати секторлар ва маҳаллалар кесимида қайтадан шакллантирилмоқда.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни аниқлаб, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, ҳамкорликда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, келгусида мазкур хотин-қизларга нисбатан ёки улар томонидан нохуш ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордери берилиши таъминланган.

Аввалроқ Сенат самарқандлик аёлнинг аёвсиз калтакланиши билан боғлиқ ҳолат назоратга олинганини маълум қилган, Маҳалла вазирлиги эса аёлнинг оиласини сақлаб қолиш имконсиз эканини айтган. Кейинчалик, уни калтаклаган эрига чора кўрилган.

Янгиликлар