Наманганда сўнгги 9 ойда қиймати 13 трлн сўмдан ортиқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилди

Наманган вилоятида январь—сентябрь ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми 13 триллион 280 миллиард сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида вилоятда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 13 триллион 280 миллиард сўмни ташкил этган. Натижада бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 4,4 фоизга ўсган.
Наманган вилояти бўйича қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг ҳажми:

  • деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар — 12 305,2 миллиард сўм;
  • ўрмон хўжалиги — 951,9 миллиард сўм;
  • балиқ хўжалиги — 22,5 миллиард сўмни ташкил қилди.

Маълумот учун, республика қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги таркибида Наманган вилоятининг улуши 7,4 фоизни ташкил этган.

Аввалроқ Шаҳрихонда сўнгги 9 ойда 20 минг тоннадан ортиқ картошка етиштирилгани, Оқдарёда эса қарийб 3 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ромитанда сўнгги икки йилда 808,3 миллиард сўмлик 45 та лойиҳа амалга оширилганди.

Янгиликлар