«Қўлқопларни ишлатишдан аввал дезинфекция қилиш керакми?» Мутахассис жавоб берди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 23 октябрь, жума куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолининг коронавирус инфекцияси ҳақидаги саволларига жавоб қайтарилди.

Кадр: YouTube

Хусусан, аҳоли томонидан қўлқопларни ишлатишдан аввал дезинфекция қилиш қанчалик зарурлиги юзасидан савол берилди. Мазкур саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси мутахассис қуйидагича жавоб қилди:

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўлқопларни дезинфекция қилиш ярамайди. Дезинфекцияловчи воситалар қўлқоплар юзасини бузиб, ундан вирус ва бактерияларнинг ичига ўтишига олиб келади».

Унинг таъкидлашича, қўлқопларни кийишдан аввал, айниқса, қўллар дезинфекция қилинган бўлса, уларни тўлиқ қуруқлигига амин бўлиш керак. Aгар қўллар спирт сақловчи воситалар билан нам ҳолатда бўлса, қўлқопларни кийиш жараёнида улар осон йиртилишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Тошкентда жамоат транспорти йўловчиларига тиббий қўлқопда бўлиш талаби қўйилгани хабар қилинган эди. Кейинчалик тиббий қўлқоплар йўловчиларга бепул тарқатилиши маълум қилинган.

Маълумот учун, АОКАда 2020 йил 16 август куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Шуҳрат Боймуродов иштирокида бўлиб ўтган брифингда COVID-19 инфекциясидан резинали қўлқоплар ёрдамида ҳимояланиш самара бермаслиги таъкидланганди.

Янгиликлар