Вобкентда ҳамқишлоғини калтаклаган шахс жавобгарликка тортилди
Бухоро вилояти Вобкент туманида ҳамқишлоғини калтаклаган шахс жазоланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, фуқаро Ф.Н. 2020 йил 7 июль куни соат 19:50 ларда ўзи истиқомат қилиб келаётган Вобкент тумани «Тераклик» маҳалласи Пахтаобод қишлоғидаги яшаш уйида фермер хўжалиги аъзоси Д.К. билан жанжаллашиб қолиб, унинг юз ва бош қисмига бир неча марта қасддан уриб, фуқарога тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан ўтказилган суд мажлисида кўрсатма берган Ф.Н. эълон қилинган айбга иқрорлик билдирган.
«2020 йил 6 июль куни соат 18:50 ларда оила-аъзоларим билан чой ичиб ўтирган пайтимда ҳамқишлоғим Ж.З. келди. Ўзига тегишли бўлган тракторни бошқариб, менинг ўрик дарахтларимга зарар етказганлигини, ўғлим Собир эса трактори билан пахта ерларига дори сепиб, унинг асалариларига зарар етказганлигини айтди. Кейин мен бақириб, уни ерга йиқитдим, лабидан тишлаб, жароҳат етказганимдан сўнг жаҳл устида унинг юзига икки-уч маротаба урдим», — деб судга кўрсатма беради Ф.Н.
Ф.Н. Жиноят кодексининг 109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 1 йилу олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Аввалроқ Андижонда эр хотинининг бошига ёғоч билан уриб, тан жароҳати етказгани, Наманганда қайната келинини калтаклагани ҳақида хабар қилинганди.