Тошкент шаҳрида Президент кутубхонаси қурилади

Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Маълум қилинишича, улардан бири Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи бўлиб, Адиблар хиёбонига туташ ҳудудда қурилади. Ушбу мажмуа музей билан бирга илмий тадқиқот маркази, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, мактаб ва ётоқхонани ўз ичига олади.

Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси қурилиши ҳам режалаштирилган. У 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади.

Таъкидланишича, давлат раҳбари бу мажмуаларни қуришда энг замонавий технологиядан фойдаланиш, билимсеварларга барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Тақдимотда, шунингдек, Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Янгиликлар