Жиззахлик эркак хонадонида бўри сақлаб келаётгани аниқланди

Табиат ресурслари вазирлиги Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун «Зомин» қўриқхонасидан бўри олиб келиниши айтилган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун «Зомин» қўриқхонасидан бўри олиб келиниши ҳақида тарқалган хабар Жиззах вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси экологик назорат инспекциясининг Зомин тумани бўлими ходимлари томонидан тезкорлик билан ўрганилган.

Ўрганиш давомида Зомин тумани «Туркман» МФЙда яшовчи К.Ғ. исмли фуқаро ўз хонадонида бўрини ноқонуний тарзда тутқунликда сақлаб келаётгани аниқланган. Бу билан фуқаро «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг қатор моддалари талабларини бузган.

Шундан келиб чиқиб, фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 1-бандига асосан БҲМнинг 10 баравари (3 миллион сўм) миқдорида жарима белгиланган.

«Айни пайтда давлат инспекторлари томонидан бўрини табиат қўйнига қайтариш чоралари кўрилаяпти. Бу ҳақда қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.