Ғиждувон ҳокими туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўринбосарлари билан йиғилиш ўтказди
Ғиждувон туман ҳокими Муроджон Умаров 23 август, якшанба куни ўринбосарлари билан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, йиғилишда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, Президент Бухорода мутасадди раҳбарлар иштирокида ўтказган йиғилишда берилган топшириқлар бўйича туманда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, ҳар бир йўналишда «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш топширилган.
Хабарда айтилишича, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, бугунги мураккаб шароитда аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, пандемия сабабли зарар кўрган иқтисодиёт тармоқларини тиклаш масалалари батафсил кўриб чиқилган.
Шунингдек, пандемия талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш, барча тўхтаган корхоналарни қайта ишга тушириш, ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, дастурларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, мамлакат мустақиллигининг 29 йиллик байрамини нишонлаш, маҳалла ва кўчаларни байрамона безаш, аҳолини карантин талабларига амал қилган ҳолда байрамни кутиб олишини ташкил этиш, туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини мунтазам ёритиб бориш бўйича масъулларга кўрсатма берилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Бухоро халқаро аэропортида масъул раҳбарлар билан йиғилиш ўтказгани ҳамда Ғиждувонда яна 9 та оила камбағалликдан чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.