Шавкат Мирзиёев Бухоро халқаро аэропортида масъул раҳбарлар билан йиғилиш ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро халқаро аэропорти биносида мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, пандемия сабабли зарар кўрган иқтисодиёт тармоқларини тиклаш масалалари кўриб чиқилди.

«Темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» тизимларида бажарилаётган ишлар муҳокама қилинди.

«Бугун ҳудудларимизда ёшлар ва аёллар муаммоларини чуқур таҳлил қилиш ва самарали ҳал этиш кун тартибидаги энг асосий масалалардан бири бўлиб қоляпти. Мақсадимиз — инсон қадр-қимматини жойига қўйиш», – деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда инвестицион лойиҳалар ва экспорт масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилишича, 2020 йилда Бухоро вилояти бўйича 571та шундай лойиҳа амалга оширилиш, бу билан 14 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган. Йил якуни бўйича экспорт ҳажми 184 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишлар тўғрисида мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди, уларни ўз вақтида ва самарали бажариш борасида қўшимча топшириқлар берилди.

Йиғилишдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг таъзия маросимида қатнашиш учун Бухорога жўнаб кетгани хабар қилинди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг қабрини зиёрат қилди.

Шунингдек, Президент Карим Камоловнинг хонадонига бориб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Янгиликлар