Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг таъзия маросимида қатнашиш учун Бухорога жўнаб кетди

Шавкат Мирзиёев 23 август куни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, давлат ва жамоат арбоби Карим Камолов хотирасига бағишланган таъзия маросимларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Коронавирусга чалинган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 22 август, шанба куни вафот этган эди.

Аввалроқ 17 август, душанба куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Бухоро вилоятига ташриф буюргани, бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими Карим Камолов вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош вазир матбуот хизмати «Дарё»га Абдулла Арипов 17 август куни ҳақиқатан ҳам Бухоро вилоятида бўлганини, Бухоро вилоят ҳокимлиги эса бош вазирнинг ташрифи вилоят ҳокимининг аҳволи билан боғлиқ эмас — ҳукумат раҳбари бу ерда қишлоқ хўжалиги масаласида йиғилиш ўтказиб, қайтиб кетганини билдирган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилганди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Карим Камолов Тошкентдаги шифохонада даволанаётгани ва унинг саломатлиги шифокорлар назоратидалигини хабар қилганди.

Ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Олим Жўраевнинг «Дарё»га вилоят раҳбарининг аҳволи 16 август куни кечқурун оғирлашгани, аммо у ҳаёт эканлигини маълум қилганди.

«Ҳокимнинг яшаш манзилида бугун асфальтлаш ишларининг бошлангани бу таъзияга тайёргарликмас, ҳамма жойда қурилиш ишлари давом этяпти. Худди шунингдек, менинг ҳам кўчамда таъмирлаш бошланган. Бу таъзияга тайёргарлик, деганимас!», — деди Олим Жўраев.

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев ҳокимнинг оила аъзоларига асосланиб, «Карим Жамолович Камоловнинг ўлими тўғрисидаги хабарлар ёлғон»лиги, унинг оила аъзолари Қудратхўжаевдан «журналистлар ва блогерлар фейк хабар тарқатмасликни сўрагани»ни маълум қилди.

Aввалроқ Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг коронавирусга чалингани, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов 11 август, сешанба куни бўлиб ўтган брифингда Бухоро вилояти ҳокимининг ҳозирги аҳволини маълум қилди.

«Aйни кунларда унинг саломатлигида ташвишли нарса йўқ, даволаниш давом этмоқда», — деган эди Рустам Икромов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муза Ерниязов қабрини зиёрат қилган эди.

Янгиликлар