Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди

Шавкат Мирзиёев 1 август куни бу ерга ташриф буюриб, Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига дафн этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга, албатта, давом эттирамиз», — деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлаган.

«Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади», — дейди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ Президент Муса Ерниязов хотирасига бағишланган таъзия маросимида иштирок этиш учун Нукусга жўнаб кетгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар