Пастдарғомдаги мактаб биносида ДХМнинг филиали иш бошлади
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 111-мактаб биносида 140 дан ортиқ давлат хизматини кўрсатувчи марказнинг филиали иш бошлади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Пастдарғом туманидан 15 километр узоқликда жойлашган «Олти қаҳрамон» маҳалласида Давлат хизматлари марказининг филиали иш бошлаган. Филиал очилиш маросимида тумандаги 2-сонли ФҲДЁ бўлими инспектори томонидан 2 нафар фуқарога туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома сайёр тартибда топширилган.
Бугунги кунда «Олти қаҳрамон» ҳамда унга яқин «Зормон», «Қўшқудуқ», «Чимбой», «Боғишамол», «Баҳор», «Темирйўл», «Янгиқишлоқ», «Янгиравот», «Ошиқ ота», «Гулистон», «Қоқсой», «Уску» сингари 14 та маҳаллада 100 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
«Эндиликда ушбу ҳудуд аҳолисининг ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб туман марказига боришига эҳтиёж қолмади. ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси туман аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш натижасида Давлат хизматлари марказининг филиалини ишга туширди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ тасарруфига ФҲДЁ соҳасини қабул қилган ДХА тизимда фаолият юритувчи ходимларни аттестациядан ўтказиш ишларини бошлаши, ушбу синовлар Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан ўтказилиши ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Ургутнинг яна бир маҳалласида Давлат хизматлари маркази очилгани маълум қилинган.