Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан болаларини мактабга юборишни сўради
Халқ таълим вазирлиги ота-оналардан болаларини жиддий сабаб бўлмаса, мактабга юборишини сўради. Бу ҳақда 24 ноябрь, чоршанба куни АОКАда ўтказилган брифингда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.
«Бугунги кунда онлайн мактаб баҳонасида айрим ота-оналар томонидан фарзандини мактабга юбормаслик, фарзандини масофадан дарс қилишини таъминлаш ўрнига, кўчада юришига ёки бошқа ишлар билан банд қилиш ҳолатлари учраётганининг гувоҳи бўляпмиз.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан, уйда боланинг мактабга боришига тўсқинлик қилувчи жиддий сабаб, яъни касаллик ҳолати мавжуд бўлмаса, мактабга юборишларини сўраб қолади», — дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова.
Шунингдек, Лайло Рустамова боланинг бекор ўтаётган ҳар бир куни унинг келажагига салбий таъсир кўрсатмай қолмаслигини, боланинг мактабда таълим олиш жараёни ўрнини ҳеч қандай ривожланган замонавий технология ҳам босолмаслигини таъкидлаган.
Қайд этилишича, «онлайн мактаб» лойиҳаси анъанавий таълим тўлиқ тикланган ҳолатда ҳам, доимий равишда ўз фаолиятини давом эттиради, ушбу лойиҳа боланинг дарсдан ташқари қўшимча сифатли таълим олиши учун имконият яратади.
Мавзуга доир:
Аввалроқ фарзандларини онлайн ўқитаётган ота-оналар маҳалла билан шартнома тузиши кераклиги ҳақидаги хабар рад этилганди. Шунингдек, Ўзбекистон мактабларида ўқувчилардан хоналарни тозалаш учун нега пул йиғилиши маълум қилинганди.