Ўзбекистон мактабларида ўқувчилардан хоналарни тозалаш учун нега пул йиғилиши маълум қилинди
АОКА залида 19 октябрь, душанба куни Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида ўтказилган брифингда бир қатор саволларга жавоб берилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, бирифинг давомида ота-оналардан мактабларда синф хоналарни йиғиштириш учун нега пул йиғилиши тўғрисидаги савол жавоб берилган.
«Синфхоналарни ўқувчилар навбатчилик асосида тозалаши тавсия этилади. Жойларда эса баъзи ота-оналар фарзандлари синфхонани йиғиштиришини ҳоҳламагани учун фаррош ёллаб унга синфхонани йиғиштириши учун қўшимча маблағ тўлаш ҳоллари кузатилади. Яна шуни айтиш жоизки, болаларнинг ўзларининг орқасидан синфини йиғиштириши учун навбатчилик ташкил қилиши ҳам болада ўзига хос тарбияни шакллантиради. Бу эса болага эрта ёшдан ўзи ўтирган жойни тоза ва озода сақлаш, ўзининг орқасидан йиғиштириб юриш, бировнинг меҳнатини қадрлашни ўргатади. Шу сабабли болалар дарслардан кейин синфхонани йиғиштириш учун навбатчилик ташкил этиши мақсадга мувофиқ саналади»,—деди Лайло Рустамова.
Бундан ташқари, вазирлик ахборот хизмати раҳбари мактабларда фаррошлар учун штат бирлиги қандай ажратилишига тўхталиб ўтган.
«Шу ўринда мактабларда фаррошлар учун ажратилган штат бирлиги Биноларнинг фойдаланиладиган ички қисми, шу жумладан хизмат хоналари, йўлаклар, зинапоялар, фаоллар зали ва спорт зал ҳамда ўқув синфлари майдонини тозаловчи фаррош лавозими ҳар 350 квадрат метр тозалаш майдони учун 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда киритилади.
Мактабда машғулотлар иккинчи сменада ҳам олиб борилганда, ушбу сменадаги ўқувчилар фойдаланадиган ҳар 350 квадрат метр тозаланадиган майдон учун қўшимча 0,25 бирлик, узайтирилган кун гуруҳи мавжуд бўлганда эса, гуруҳга қатновчилар фойдаланадиган ҳар 350 квадрат метр тозаланадиган майдонга 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда фаррош лавозими киритилади»,—дейди Рустамова.
Мавзуга доир:
Нурмат Отабеков карантин даврида мактабларда ошхона ва буфетлар ишлаши мумкинлигини айтди
Аввалроқ Ўзбекистон мактабларида дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари янги ўқув йилида форма киймаслиги ҳамда Янги ўқув йилида мактаблардаги бир қатор фанлар вақтинча ўтилмаслиги мумкинлиги маълум қилинганди.