Фарзандларини онлайн ўқитаётган ота-оналар маҳалла билан шартнома тузиши кераклиги ҳақидаги хабар рад этилди

Болаларини онлайн ўқитаётган ота-оналар маҳалла қўмиталари билан шартнома тузиши кераклиги ҳақидаги хабар ҳеч қандай асосга эга эмас. Бу ҳақда Маҳалла ва  оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева «Tez News»га берган интервьюсида маълум қилди.

https://www.youtube.com/watch?v=iQtSYaXPT6g

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда болаларини онлайн ўқитаётган ота-оналар маҳалла қўмиталари билан шартнома тузиши кераклиги ҳақида хабарлар тарқалган. Саодат Боймирзаеванинг таъкидлашича, бу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас.

«Маҳаллага алоқаси бўлмаган ҳеч бир ижтимоий масала йўқлиги кундан кунга маълум бўлиб бормоқда. Аммо фарзандини онлайн ўқитиш истагида бўлган ота-оналар маҳалла билан шартнома имзолаши кераклиги ҳақидаги фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тўғри, коронавирус пандемияси сабабли мактабларимизда ўқувчи ва ота-ота оналарнинг хоҳишига кўра, анъанавий дарслар билан биргаликда онлайн дарслар ҳам олиб борилмоқда. Маҳалла тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда онлайн тарзда таълим олаётган ўқувчиларнинг қатнашишини таъминлашда жамоатчилик назоратини ўрнатмоқда. Бунда, онлайн дарс ўтиш асносида дарсга қатнашмаётган, турли баҳоналарни рўкач қилаётган оилалар билан мулоқот қилиш вазифасини бажармоқда. Албатта, таълим муассасалари ходимлари билан биргаликда жамоатчилик назорати ўрнатилган. Лекин дарсларда онлайн қатнашиш бўйича маҳалла билан шартнома тузилмайди», — деди Маҳалла ва  оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби.

Шунингдек, у онлайн дарс баҳонасида дарсларга қатнашмасдан, бошқа ҳудудларда юрган болаларни мактабга қайтаришда таълим муассасаларига кўмак берилганини қайд этди.

«Жамоатчилик назорати ўрнатишнинг сабаби, яқинда 9 ойлик якунларга бағишлаб вазирлик видеоселектор йиғилишини ўтказган. Унда вазир Тошкент шаҳрида кўплаб хизмат кўрсатиш масканларида, жумладан, машина ювиш шохобчаларида ёки ёқилғи куйиш шохобчаларида вилоятлардан келиб ишлаб юрган, улар билан суҳбат жараёнида, нега мактабга бормаётганлиги ҳақидаги саволларга онлайн ўқиётгани ҳақида айтган. Бунга масъуллар томонидан кескин муносабат билдирилгани учун жойлардаги маҳалла вакилларига онлайн дарс баҳонасида дарсларга қатнашмасдан, бошқа ҳудудларда юрган болаларни мактабга қайтаришда таълим муассасаларига кўмак берилди. Чунки ҳар бир инсон маҳаллада яшайди. Ота-онанинг фарзандига муносабати, оиладаги муҳитдан ҳам маҳалла хабардор. Шунинг учун, ота-оналарга ётиғи билан тушунтириш, уларнинг характеридан, оиладаги аҳвол, вазиятдан келиб чиқиб тўғри тушунча берилишида маҳалланинг роли яхши натижа беради деб ўйлайман», — деб таъкидлайди Саодат Боймирзаева.

Аввалроқ АОКАда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг ўтказилгани, Маҳалла вазирлигининг ишонч телефонига баъзи ҳолатларда боғланиб бўлмаётгани сабаби айтилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар