Туркманистон президенти «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирланди
Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – «Олий Даражали Дўстлик» орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Туркманистон президентининг икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги ютуқларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.
Сиз отангиз, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Мамлакатингизда халқ фаровонлигини таъминлаш учун ишончли пойдевор яратаётган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йилда Туркманистонда «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» ҳамда мамлакат Бетарафлигининг 30 йиллигига бағишланган йирик тадбирлар ўтказилаётгани маълум қилинди.
Биринчи навбатда, савдо-иқтисодий ва ҳамкорлик алоқаларининг ҳар томонлама ривож топаётгани билдирилди. Улкан лойиҳа – «Шовот-Тошҳовуз» чегараолди савдо зонаси ишга туширилгани ва энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланаётгани таъкидланди.
Мазкур мукофот мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзига айланиши қайд этилди. Ўз навбатида, Туркманистон президенти Ўзбекистон етакчиси ва халқига юксак эътироф учун миннатдорлик билдирди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканини таъкидлади.





