Россияда йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди: 20 дан ортиқ инсон жабрланди
Уляновск вилоятида 302-сонли Челябинск-Москва йўловчи поездининг 7-та вагони рельсдан чиқиб кетди, деб хабар беради ТАСС «Россия темир йўллари» матбуот хизматига таяниб.

Мазкур ҳодиса 3-апрель куни Москва вақти билан соат 6:26 (Тошкент вақти билан 8:26) да содир бўлган. Поезд 415 йўловчини олиб кетаётган саккиз вагондан иборат бўлган.
Қайд этилишича, поезд вагонлари рельсдан чиқиб кетганда ёнбошига ағдарилиб кетган ва йўловчилар деразадан ташқарига чиқишган. Ҳодиса оқибатида 24 киши тан жароҳати олиб, Уляновск вилоятидаги шифохоналарга етказилган.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари ва учта қутқарув поезди жўнатилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 263-моддаси (темир йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.





