Ўзбекистонда 10 ой ичида ичимлик ва оқова сув тизимларига 80 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида назорат органлари билан ҳамкорликда ичимлик ва оқова сув тизимларига жами 4 351 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда АО «Тошкент шахар сув таъминоти» матбуот хизмати хабар берди.

Бунда энг юқори кўрсаткичлар:

• Тошкент шаҳрида – 488 та;

• Сирдарё вилоятида – 433 та;

• Қорақалпоғистон Республикасида – 425 та;

• Хоразм вилоятида эса – 419 тани ташкил этади.

Қонунбузарликлар туфайли дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жамият манфаатларига 82 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган. Шундан, 33,6 млрд сўмлик келтирилган зарарлар қопланиши таъминланган, — дейилади хабарда.

Шунингдек, қарздорликларни қисқартириш мақсадида, жорий йилда 123,4 минг нафар қарздор истеъмолчилар бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларига 358,4 млрд сўмлик даъво аризалари киритилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳисобот даври мобайнида республика бўйича 62,4 минг нафар жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан узилган. Ушбу ҳолатларнинг 46 мингтаси, яъни энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Амалга оширилган ишлар натижасида, истеъмолчиларнинг дебитор қарздорликлари жорий йил бошига нисбатан 203 млрд сўм ёки 22% қисқариб, 705,5 млрд сўмни ташкил этмоқда. Ўтган йилнинг мос даври билан олинганда эса қарздорликлар 364 млрд сўм ёки 34% қисқартирилишига эришилгани билдирилди.

AI News