Ўзбекистон ва Афғонистон 2026 йил учун электр энергияси етказиб бериш шартномасини имзолади

Тошкентда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Афғонистоннинг «DABS» компанияси бош директори Абдул Бори Умар бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда жорий йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги ҳамда куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқларида қўшни Афғонистон халқи фаровонлиги ва иқтисодиётининг ривожи ҳақидаги ташаббуслари икки давлат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, икки давлат ўртасида энергетика соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани билдирилди. Хусусан, Афғонистон ҳудудида қурилаётган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларининг жорий ҳолати ҳамда ушбу ишларни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув сўнггида 2026-йил учун электр энергиясини етказиб бериш бўйича тегишли шартнома имзоланди.

AI News