Ўзбекистон олтин экспортини қайта тиклади
Июль ойида мамлакат 1,3 миллиард долларлик қимматбаҳо металл экспорт қилди

Ўзбекистон 2026 йил июль ойида олтин экспортини қайта тиклади. Бу ҳақда Статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинган.
Жорий йилнинг етти ойида олтин экспортининг умумий ҳажми 2,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 баробар кам.
Январь–июнь ойларида қимматбаҳо металл экспорти 1,5 миллиард долларга тенг бўлган. Шундай қилиб, июль ойига қарийб 1,3 миллиард долларлик олтин экспорти тўғри келган.
Йил бошидан бери Ўзбекистон олтинни фақат апрель ва июль ойларида экспорт қилган.
Апрель ойига қадар Ўзбекистон олтинни сўнгги марта 2025 йил сентябрь ойида экспорт қилган эди. Ўшанда қимматбаҳо металл экспорти ҳажми 1,47 миллиард долларга баҳоланган.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон олтин экспорти бўйича рекорд ўрнатган. Йил давомида қимматбаҳо металл экспорти ҳажми 9,9 миллиард доллардан ошган.





