Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонлари хотирасини ёд этди ва Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди
Ўзбекистон Президенти «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасидаги маросимда иштирок этди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Бугун, 28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди ва элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлат раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз. Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз, — деди президент.
Давлат раҳбари фидойи аждодларнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқ учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
Барча ислоҳотларимиз марказида турган «Инсон қадри учун!» деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маросим якунида, уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодлар руҳига дуо қилиб, юрт тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Шундан сўнг, президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Ушбу маҳобатли мажмуада халқнинг кўп асрлик тарихи, буюк алломалари ва жаҳонгир аждодларнинг сиймолари, юрт тараққиётидаги муҳим воқеалар ўз ифодасини топган. Монумент чўққисидаги Ҳумо қуши озодлик ва эзгулик ғояларини, халқимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этади.
Ватан мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Тошкент шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.






