Непалдаги сув тошқинида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳақида маълумот келиб тушмаган
Дипломатик ваколатхона тегишли органлар билан доимий алоқада бўлиб турибди

Непал ва Тибетдаги сув тошқинларидан сўнг 1,5 мингга яқин одам, жумладан 700 дан ортиқ чет эл фуқаролари бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлигига таяниб «Дунё» агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ҳимолай дарёсига лой ва тош массасининг қулаши натижасида сув ва вайроналар оқими йўллар, уйлар ва инфратузилмани ювиб кетган. Непалда камида 165 киши ҳалок бўлди. Маҳаллий ҳокимият идоралари қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини маълум қилган.
Мамлакатда 826 киши, жумладан, 500 га яқин хорижлик бедарак йўқолган. Қаердалиги номаълум бўлган сайёҳ ва зиёратчилар орасида Ҳиндистоннинг 177 нафар, АҚШнинг 63 нафар, Австралиянинг 34 нафар, Буюк Британиянинг 33 нафар ва Канаданинг 25 нафар фуқароси бор. Тибетнинг Жирўнг ҳудидида 558 киши, жумладан 260 нафар хорижлик бедарак йўқолган. Хитой расмийлари 3 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Қидирув-қутқарув амалиётига 5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ва полиция ходими жалб этилган. Бугун қутқарувчилар 125 киши, жумладан, 20 нафар хорижликни топиб, эвакуация қилди. Жабр кўрган ҳудудларга чодирлар, озиқ-овқат ва бошқа зарурий воситалар етказилмоқда.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги, айни пайтда Непалда ҳам фаолият юритадиган элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида маълумот келиб тушмаган.
Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси тегишли идоралар билан доимий алоқада бўлиб, вазият ривожини мунтазам кузатиб бораётгани билдирилди.





