Тошкент олийгоҳларида янги ўқув йилидан дарслар соат 08:00 да бошланади

Мазкур тартиб олий таълим ташкилотларининг биринчи сменасидаги ўқув машғулотларига тааллуқли

2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотларида биринчи сменадаги ўқув машғулотлари соат 08:00 да бошланади. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур тартиб пойтахтда транспорт оқимини самарали ташкил этиш, эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўллардаги юкламани камайтириш ҳамда таълим жараёнини янада мақбул ташкил этишга қаратилган, —дейилади хабарда.

Хусусан, дарс машғулотларининг эртароқ бошланиши олий таълим ташкилотларига қатнайдиган талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ҳаракатланиш вақтини оқилона режалаштириш, кун давомида таълим жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда шаҳардаги транспорт воситалари оқимини мақбуллаштиришга хизмат қилиши билдирилди.

Шунингдек, мазкур тартиб кундузги ва кечки таълим шаклларида таҳсил олаётган талабалар учун ўқув кунини тўғри режалаштириш, машғулотлар ва бошқа ўқув фаолияти учун вақт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мазкур тартиб 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотларининг биринчи сменасидаги ўқув машғулотларига тааллуқлидир.

Ўзбекистон