Қашқадарёнинг Бобуртепа ёдгорлигида ноёб деворий сурат аниқланди
Тадқиқотлар давомида иншоот хоналаридан бирининг ғарбий деворида гил сувоқ устига ишланган лола ва оқ гуллар тасвири топилган

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган Бобуртепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган археологик қазишмалар давомида қадимий бино қолдиқлари ҳамда ноёб деворий сурат намунаси аниқланди.
Тадқиқотлар давомида иншоот хоналаридан бирининг ғарбий деворида гил сувоқ устига ишланган лола ва оқ гуллар тасвири топилган. Гуллар қизил рангдаги ингичка тўлқинсимон чизиқлар билан уйғунлаштирилган. Деворий сурат кейинчалик оқ оҳакли сувоқ қатлами билан қопланган.

Қайд этилишича, бинонинг маҳобатли ва қалин деворлари, шунингдек, ундаги безаклар мазкур иншоот милодий IV–V асрларда ибодатхона сифатида фаолият юритган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, келгусида олиб бориладиган қазишма ва тадқиқотлар иншоотнинг асл вазифаси, меъморий тузилиши ҳамда тарихий аҳамиятини янада аниқлаш имконини беради.





