Шавкат Мирзиёев катта вазир Ли Сянь Лун бошчилигидаги Сингапур делегациясини қабул қилди
Суҳбат давомида Сингапур бизнесининг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятини кенгайтириш бўйича режалар қўллаб-қувватланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Сингапур Республикасининг Катта вазири Ли Сянь Лун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат аввалида Катта вазир Сингапур президенти Тарман Шанмугаратнам ва Бош вазири Лоуренс Вонгнинг самимий саломи ҳамда эзгу тилакларини етказди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – Сингапур муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Сиёсий мулоқот ҳамда барча даражалардаги икки томонлама алоқалар фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Сингапурнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди.
Сингапур ишбилармонларининг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятини кенгайтириш режалари қўллаб-қувватланди. Стратегик ва инновацион шериклик бўйича ўрта муддатли қўшма дастурни ишлаб чиқиб, унда савдо, инвестициялар, технологиялар трансфери, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларга устуворлик беришга келишиб олинди.
Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, Тошкент халқаро молия маркази ва рақамли банк тизимини ривожлантиришда Сингапурнинг илғор тажрибасини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Сингапур олий таълим муассасаларининг мамлакатдаги фаолияти бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши билдирилди. Юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини баҳолаш ва қўшма режаларни мувофиқлаштириш учун сиёсий ва иқтисодий тузилмалар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Медиaция тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилгани олқишланди.
Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.





