Қозоғистонда тандирхонада ишлаган Ўзбекистон фуқароси пичоқлаб ўлдирилди
Марҳум тандирхонада ишлаган, можаро оқибатида мижоз унинг кўкрагига икки марта пичоқ урган

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида Ўзбекистон фуқароси иш жойида пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда «КТК» хабар бермоқда.
Ҳодиса Оқташ қишлоғида содир бўлган, марҳум тандирхонада ишлаган. Можаро оқибатида мижоз унинг кўкрагига икки марта пичоқ урган.
Эркаклар тортишиб қолишган, оғзаки можаро тезда мушталашувга айланиб кетган ва 56 ёшли гумонланувчи пичоққа ёпишган. Марҳум 35 ёшда бўлгани маълум. У тандирхонада охирги беш йил давомида ишлаган. Маҳаллий аҳоли у ҳақда ижобий фикр билдирмоқда. Айтишларича, эркак ҳеч ким билан можаролашмаган, жума кунлари эса ҳатто нонни текинга тарқатган, — дейилади хабарда.
Олмаота вилояти полиция департаменти қотиллик факти бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Гумонланувчи қўлга олинган.





