Ўзбекистонда етим болалар ОТМда давлат таъминотида бўлади
Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган етим болалар давлат таъминотида бўлади. Бу ҳақда 2020 йил 21 ноябрда қабул қилинган «Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорида белгилаб қўйилди.
Қарорга кўра, етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасалари (давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар)да, шунингдек, ОТМда таълим-тарбия оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлади.
Қарорда белгиланишича, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (446 минг сўм) пул маблағлари тўланади. Бундан ташқари, тўлиқ давлат таъминоти пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, транспортда юриш карточкаларидан иборат бўлади.
Маълумот ўрнида, давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ)нинг 100 баравари (22 миллион 300 минг сўм), йўл харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Фарғонада ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 13 нафар бола турар жой билан таъминлангани ҳақида хабар қилинганди.