Ўзбекистонда Президент сайловлари октябрь ойида бўлиб ўтиши мумкин
Ўзбекистонда Президент сайловлари октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати хабар берди.
Таъкидланишича, ушбу масала Қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида муҳокама қилинган. Бунинг учун Конституция ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш керак бўлади. Аввал Президент сайловлари декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда Президентлик сайловига тайёргарлик 2021 йил 1 мартдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, лойиҳада аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаш белгилаб ўтилган.
Шунингдек, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда ошириш, халқаро кузатувчилар томонидан берилган тегишли тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев парлементга мурожаатида «мамлакат ҳаётидаги катта сиёсий воқеа – президентлик сайлови»га тайёргарлик кўрилиши лозимлигини таъкидлаган эди.