Ўзбекистондаги барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар мажбурий тартибда ягона платформага уланади

Президент «Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилингаи ҳақида Kun.uz хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат унитар корхонаси негизида Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида «IT-Med» МЧЖ ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

«IT-Med» МЧЖ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • соғлиқни сақлаш тизими ва ташкилотларидаги жараёнларни оптималлаштириш, рационаллаштириш, стандартлаштириш ва автоматлаштириш;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимларини ривожлантириш учун амалга ошириладиган ҳамда халқаро молия ташкилотлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрлари, концепциялари ҳамда бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  • тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ахборот технологияси ва коммуникациялари сиёсати ва стандартларини жорий этиш;
  • «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
  • соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараён ва IТ-реинжинирингини ривожлантириш ва ушбу йўналишда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш;
  • қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилиш;
  • тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ўзида қамраб олувчи соғлиқни сақлашнинг ахборот тизими ягона платформасини жорий этиш.

Белгиланишича:

  • 2024 йил 1 январдан бошлаб республикадаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар мажбурий тартибда босқичма-босқич ягона платформага уланади;
  • соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш мажбурий тарзда «IT-Med» МЧЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

«IT-Med» МЧЖ Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 4-уй манзилида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Янгиликлар