Ўзбекистон муфтийсига янги ўринбосар тайинланди

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

8 май куни муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Унда ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов ўрнига Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тайинланди.

Жалолиддин Ҳамроқулов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари лавозимида 2023 йилнинг январидан буён ишлаб келаётганди.

Зайниддин Эшонқулов 1976 йилда туғилган. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Шунингдек, Миср Араб Республикасидаги “ал-Азҳар” университети малака ошириш курсини ўтаган.

У меҳнат фаолияти давомида Тошкент шаҳридаги “Ҳофиз Кўҳакий”, “Имом Бухорий” жоме масжидларида имом-хатиб ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасида турли вазифаларда хизмат қилган. 2014 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби ва Пайариқ тумани “Имом Бухорий” масжиди имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилаётган эди.

 

Янгиликлар