Хоразмда алкоголь маҳсулотларини бир неча минг АҚШ долларига сотган шахс қўлга тушди
Хоразмда фуқаро истеъмол учун яроқсиз бўлган алкоголь маҳсулотларини сотаётгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Хабарга кўра, Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаро 0,45 литр сиғимига эга бўлган 2 минг 400 та шиша идишдаги алкоголь маҳсулотларини хеч қандай ҳужжатларсиз Урганч шаҳрида яшовчи фуқарога 3 минг 300 АҚШ долларига сотаётганида қўлга олинган.
Таъкидланишича, қайд қилинган ушбу маҳсулотлар истеъмолга яроқсизлиги, давлат стандартига ҳамда инсон соғлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу фуқарога нисбатан ЖКнинг 182-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.