Самарқандда мактаблар қачондан очилиши маълум бўлди

Самарқанд вилоятида 2020/2021 йилги ўқув мавсуми сентябрь ойининг иккинчи ярмида бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Tez news» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 24 август, душанба куни вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари, мактаб директорларига мурожаат билан чиқди.

Мурожаатда Эркинжон Турдимов биринчи навбатда ҳамма мактабларни ичимлик суви билан таъминлаш масаласини кўриш кераклигини таъкидлади. Қўл ювадиган жой қилиниб, ўқувчилар ҳар танаффусда қўлини совун билан ювиш кераклигини билдириб ўтди. Шу билан бирга бу ишларни қилиш учун ўқитувчига топшириқ берилмаслиги, фақат эксплуатация бўлими амалга ошириш лозимлигини маълум қилиб, барча ишлар вилоят ҳокимлиги доимий назоратига олиб борилишини айтган.

Маълумот учун, 2019 йили вилоятдаги 150 дан ортиқ мактаблардаги буржука печлари алмаштирилган. Бироқ Пайариқ ва Қўшрабод туманларида қўлбола печлар билан иситиладиган мактаблар бор. Вилоят ҳокими ушбу мактабларни камчиликларини бартараф этиб, алоҳида иситиш тизимини яхшилаш кераклигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат мактаблари ва боғчаларининг очилишига тайёргарлик кўрилаётганлиги маълум қилинганди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги мактаблар қачон очилиши маълум бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклиф этилди.

Янгиликлар