Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда кунига 7 млн дона ниқоб ишлаб чиқарилаётганини маълум қилди
Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда кунига 7 миллион дона ниқоб ишлаб чиқарилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Тelegram’даги «Hudud inform» каналида хабар берилди.
Хабарга кўра, Бош вазир ўринбосари ўпка яллиғланишида самара бераётган «Ремдесивир» дориси ҳам ишлаб чиқарилиб, рўйхатга олинганлигини айтган.
«15 мартда бошланган карантин пайтида оддий ниқобга бўлган эҳтиёж қондирилмаган эди. Мана шу қисқа давр ичида 200 дан ортиқ корхоналар кунига 7 миллион ниқобни ишлаб чиқаряпти. Юртимизда фармсаноат охирги уч йилда кескин ривож топяпти. Булар қаторига қонни суйилтирувчи ‘Гепарин’, ‘Эноксапарин’, бундан ташқари, керакли гармон воситалари ‘Дексаметазон’, буларнинг ҳаммаси ҳозир Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Грузия, Туркманистон мамлакатларига экспорт қилиб келяпмиз.
Қисқа вақт ичида 170 дан ортиқ тест лабораториялари харид қилинди. Тестни ўзимизда чиқаришга эришдик. Ҳозирги кунда бир ойда 1 миллионга яқин тестларни Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида очилган лабораторияда йўлга қўйилди» — дейди Беҳзод Мусаев.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 600 минг долларлик кислород заводи ўрнатилгани, Бухорода тикув цехи карантинда комбинезон ва тиббий ниқоб ишлаб чиқараётгани маълум қилингани ҳақда хабар берилганди.