Бухорода тикув цехи карантинда комбинезон ва тиббий ниқоб ишлаб чиқараётгани маълум қилинди (фото)
Бухоро тумани «Мустақилллик» МФЙ Ибн Сино кўчасида жойлашган «Пешку чеварлари» МЧЖ пандемия даврида комбинезон ва кунига 15 000 донага яқин тиббий ниқоб ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Тикув цехи коронавирус пандемияси шароитида фаолият олиб бориши учун карантин қоидаларига риоя қилмоқда. Санитария-эпидемилогик осойишталик маркази мутахассислари цех павилъони ва ишчиларни олиб келувчи автобусни ҳар куни дезифекцияламоқда», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳар бир ходим ижтимоий масофани сақлаган ҳолда дезинфекцион тунелдан ўтиб, антисептик восита ёрдамида қўлларини тозалайди. Ўзининг тиббий ниқобини махсус қутига ташлаб, янги тиббий ниқоб тақади. Шундан сўнг назоратчи томонидан тана ҳарорати ўлчанади. Тана ҳарорати меъёрида бўлган ходимлар иш жойига кузатилади.
Маълумот учун, ушбу цех 2019 йилда ташкил этилган. Янгигул, Боғимусо, Дўрмон қишлоқларида яшовчи 120 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода тадбиркорлар соғлиқни сақлаш тизими учун кислородли концентраторлар хайрия қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти мутахассислари томонидан Call-марказ ташкил этилгани маълум қилинганди.