Самарқанд шаҳрида 600 минг долларлик кислород заводи ўрнатилди

Самарқанд шаҳрида қиймати 600 000 АҚШ долларига тенг, қуввати соатига 55 куб бўлган, Францияда ишлаб чиқарилган кислород заводи олиб келиб ўрнатилди. Бу ҳақида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати «Tez news»га маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Хабар берилишича, вилоятда бугунги кунга қадар ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларига умумий қиймати 20 миллиард 880 миллион сўмга тенг бўлган 50 турдаги 1598 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келинган. 1220 дона кислород баллонлари, 75 та кардиомонитор, 2000 та Бобров аппарати, 1500 та пульсоксиметр, 872 та кислород консуллари, 140 та кислород концентраторлари, 1000 та кислород найчалари келтирилган.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш мақсадида 83 дона «Damas», 10 дона «Volkswagen» ва 2 дона «Isuzu» русумли махсус автомашиналари учун жами 10 миллиард 799 миллион сўм маблағ ажратилган. Бундан ташқари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказига 27 та «Damas» автомашинаси олиб берилди.

Эслатиб ўтамиз, июл ойида мамлакатга умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган юклар етказиб берилди. Ўз ичига юз учун 619 400 та ҳимоя қалқончаси ва 2 176 000 дона жарроҳлик ниқобини олган биринчи партия 8 июлда етиб келди. 17 июлда тиббий ходимлари учун қуйидаги шахсий ҳимоя воситалари қабул қилинди: 95 200 дона ҳимоя кўзойнаги, 178 000 дона ҳимоя комбинезони, 12 000 дона жарроҳлик ниқоби ва 1 064 000 дона KN95 респиратор ниқоби. 24 июлда пойтахтга 38 400 дона тест-тизими ва бошқа лаборатория асбоб-ускуналари етказиб берилди.

Аввалроқ Самарқандда ўтган 7 ой давомида хориждан 52,3 миллион долларлик дори воситалари олиб келингани маълум қилинди.

Янгиликлар