Ўзбекистонда болалар муқобил парвариш қилиш хизматига неча ёшдан қабул қилиниши маълум бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг  «Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида маълум қилинди.

Қарорга кўра:

  • болалар маҳаллалари – болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари;
  • ёшлар уйлари – ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари;
  • ижтимоий марказлар – ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари деб номланади.

Шунингдек, қарор билан мазкур хизматларни ташкил қилиш тўғрисидаги низомлар тасдиқланган. Шунга асосан болаларни муқобил парвариш қилиш хизматига қабул қилиш тарбияланувчи яшайдиган жой бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг қарори ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг йўлланмаси асосида амалга оширилади. Ҳамда ҳизматга 10 ёшдан катта болалар уларнинг розилиги билан қабул қилинади.

Қонунга биноан, ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматига оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалардаги ёшлар ваколатли органлар мурожаати асосида қабул қилиниши мумкин. Ёшларнинг хизматга қабул қилиниши учун эркин хоҳиш билдириши қабулнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Шунингдек, ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизмати Уюшма филиали ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳудудида ташкил этилади. Болаларни кундузги вақтда парвариш қилиш ота-оналар билан хизмат ўртасида тузилган келишувга кўра амалга оширилади.

Аввалроқ Фарғонада ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 13 нафар бола турар жой билан таъминлангани ҳақида хабар қилинганди.