Содиқ Сафоев аҳоли бўш маблағлардан фойдаланиши зарурлигини айтди

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон аҳолисида 10 миллиард долларга яқин пул борлиги ва ундан фойладаниш кераклиги ҳақида таъкидлади. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Хабарга кўра, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев аҳолида маблағ бор, лекин пуллар уй-жой ва тўйхоналарга ишлатилади ёки ёстиқ остида сақланади. Ундан кўра, мақсадли сарфланса эди, четдан инвестиция кутишга ҳам ҳожат қолмаслигини айтган.

«Ҳар бир жамиятда бўлгани каби, бизнинг аҳолимизда ҳам маблағ бор. Агар шу маблағларни ишлаб чиқаришга йўналтирсак, гапнинг очиғи, бизга хорижий инвестициялар ҳам бугунгичалик долзарб бўлмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳолида 10 миллиард долларга яқин маблағ бор.

Лекин у пуллар ишлаб чиқариш эмас, уй-жой, тўйхоналарга сарфланади ёки халқ ибораси билан айтганда, «ёстиқ тагида ётган маблағлар». Ваҳоланки, бу пул ишлаши керак. Пул ўз қийматини ошириши лозим. Янги иш ўринларини яратиш зарур. Бунинг учун эса капитал бозори керак. Ишбилармонлар бу ҳақида куйиниб гапиришяпти.

Банкларимиз, афсуски, мижоз учун курашаётгани йўқ. Тафовутни кўрдик. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, банклар қачон мижоз учун курашса, унинг учун рақобат қилса, ўшанда ривожланади. Агар у фақатгина берилган маблағларни сақлаб ўтириш билан кифояланса, иқтисодиётда уларнинг роли камаяди.

Олдимизда иккита муҳим масала турибди. Биринчиси банкларимизни ислоҳ қилиш. Иккинчиси капитал бозорини ривожлантириш», – дейди Содиқ Сафоев.

 

Янгиликлар