Андижон вилояти ҳокими салкам 120 нафар коронавирусга чалинган бемор билан суҳбатлашди (видео)

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 25 сентябрь куни Андижон шаҳрида ташкил этилган вақтинчалик тақсимлаш марказида салкам 120 нафар коронавирусга чалинган бемор билан суҳбатлашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, тақсимлаш марказида вилоят ҳокими COVID-19 билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатаётган даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига касалликни олдини олиш ва беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, таъминот, куз-қиш мавсумга тайёргарлик ҳолатлари бўйича керакли топшириқлар берган. Беморлар билан малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни самарали ташкил этиш ва ахборот алмашинувини яхшилаш мақсадида ҳар бир муассаса масъулларига планшет берган.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, муассасада даволанаётган 120 нафарга яқин бемор билан суҳбатлашиб, уларнинг аҳволлари билан танишган.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, ушбу марказ 7 сентябрда ташкил этилган бўлиб, 200 ўринга мўлжалланган. Муассасада қўшимча мини кислород заводи ўрнатилган. 168 нафар беморга кислород нуқталари ажратилган, 22 нафар беморга эса кислород концентратори билан сунъий нафас берилади. Муассасада 18 нафар малакали шифокор 32 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 26 нафар кичик тиббиёт ходимлари ҳамда 3 нафар бошқа ходимлар фаолият юритмоқда.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 25 август соат 23:00 ҳолатига кўра, вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 1493 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 1384 нафари соғайган.

Аввалроқ Улуғнорда амбулатор хизмат кўрсатувчи муассасалардаги мобиль бригадаларга 7 та «Damas» бириктирилгани, Андижонда тез ёрдам хизматига 8 та янги «Damas» автомобили топширилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар