Шавкат Мирзиёев Зоминда илк сармоявий лойиҳаларни ишга туширди

Жиззах вилоятининг Зомин туманида Хитойнинг «Мингюан» компанияси билан ҳамкорликда «Технопарк» махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда.  Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беради.

Технопарк ташкил этиш учун 400 гектар ер майдони ажратилиб, инфратузилма билан таъминлаш бўйича мақсадли дастур тасдиқланиб, 160 миллиард сўм маблағ ажратилди. Лойиҳа доирасида 30 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилиб, уларга хитойлик инвесторлар томонидан 1,2 млрд сўм маблағ ёналтирилади.

Технопарк ҳудудида юқори қўшимча қийматга эга ва ташқи бозорда талаб қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этилади. Лойиҳалар электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебель ва озиқ-овқат саноати ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олади.

Лойиҳалар доирасида 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиб, 4,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 70 миллион долларлик экспортни йўлга қўйиш кутилмоқда.

Бундан ташқари, технопаркда офис маркази, турар-жой бинолари, экопарк, катта кўргазма зали ва савдо маркази қурилиши режалаштирилган.

Очилиш маросимида давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, технопаркда илк инвестиция лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.

Янгиликлар