Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги текширилиши мумкин

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларини ҳуқуқий саводхонлиги даражасини текшириш таклифи киритилди. Бу ҳақда тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Фото: «Tez News»

Қарорга кўра, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш «Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули» — махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Улар ҳуқуқий саводхонлик даражаси бўйича ҳар уч йилда бир марта режали баҳолашдан ўтиши керак бўлади.

Тест саволлари давлат тили ва зарурат бўлган ҳолларда қорақалпоқ тилида тузилади. Баҳолашдан муваффақиятли ўтган давлат хизматчиларига шахсий кабинетига электрон тарзда QR код орқали тасдиқланган маълумот юборилади.

Таъкидланишича, Адлия вазирлиги давлат хизматчилари ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш натижалари ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ҳар олти ойда таҳлилий ахборот тақдим этади.

Аввалроқ Ўзбекистонда раҳбарлар хизмат машинасидан қандай мақсадда фойдаланиши назорат қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар